• Русский (RU)
  • O'zbek (UZ)
  • English (UK)
Bayroq

Бизнинг фарзандларимиз биздан кўра  кучли,

билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт.

ИСЛОМ КАРИМОВ

 

СЎЗ БОШИ

          Азиз ёш дўстлар! Сиз ўз жисмоний ва маънавии куч-қувватингиз ёшларга хос жўшқинлик билан гуллаб яшнаган ажойиб бир даврга, катта ва қийин, лекин инсоният яратган барча билим чўққиларини эгаллаш сари етаклайдиган шарафли йўлга қадам қўйдингиз.

         Сизнинг ҳаётингизда юз бераётган ушбу муҳим воқеа Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги байрам қилинаётган кунларга тўғри келмоқда. Бу тасодифий эмас: айни мана шу ёш мустақил давлатингиз сизга ҳозирги замон тамаддунининг энг юқори ютуқларини эгаллаб олиш, ўз халқингиз маънавий бойликлари ва барча анъаналарини ўрганиб олиш имкониятини яратиб беради. Сиз ана шу ғамхурликнинг қадрига етишга ва Сизга билдирган ишончни оқлашга харакат қилинг.

         Ҳар қандай ўзоқ йўл биринчи қадамни қўйишдан бошланади. Ҳар қандай мевали дарахт ўз шох-бутоқларини қуёшга томон қанчалик баланд кўтариб юксалтирса, унинг илдизи ҳам ер остига шунчалик чуқур кириб боради.

         Сизнинг илм-фан йўлидаги биринчи қадамингиз, ёшлик ўти чақнаб турган куч-ғайратингиз манбаи - бу ўз давлатингиз ўтмиши, ҳозирги куни ва келажагидир.

         Мустакиллик йиллари моҳиятан юртимиз тарихида шарафли ва ўта масъулиятли даврни ташкил этди. Ҳарбиримизнинг ҳаётимизда, мамлакат тақдирида муҳим ва кескин ўзгаришлар юз берди. Турмуш тарзимиз ўзгариб бормокда. Ўзлигимизни англаб, юртимизда ва шахсий ҳаётимизда содир бўлаётган янгиланиш жараёнларини ва ҳаққоний таҳлил этадиган бўлиб қолдик. Миллий ғоямиз бизнинг иймонимиз мезонига айланиб, қарамлик, боқимандалик кайфиятидан озод бўла бошладик. Келажак тақдиримиз ўз фаолиятимизга боғлиқ эканлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз.

       Ёшлар - юрт қаноти, мамлакат таянчи. Навқирон авлодга эътибор келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Шуни унутмаслигимиз керакки, иродаси кучли, иймони мустаҳкам ёшлар ташқи таъсирларга осонликча берилмайдилар. Мустақиллик жуда катта масъулиятдир. Мустақилликни асраш уни қўлга киритишга нисбатан оғирроқ вазифадир. Бу эса биздан доимо мустақилликни асраб авайлаш, огоҳ бўлиш, илм эгаллаб жамиятга муносиб ҳисса қўшиб яшашни талаб этади.